Педофилларга умрбод қамоқ: Президент кутилган қонунни имзолади
14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган, бешта кодекс ва олтита қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Янги қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатига чеклов қўйилмайди.
Шунингдек, болага жисмоний ёки руҳий азоб етказган шахслар, жумладан, таълим муассасалари ходимлари ва яқин қариндошлар ҳам қонун доирасида жавобгарликка тортилади.
Қонунда боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун белгиланган жазони енгиллаштиришга йўл қўймаслик ҳам назарда тутилган.








