Президент ташаббуси амалда: Ислом цивилизацияси марказида дуал таълим йўлга қўйилди
Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлик доирасида бўлажак журналистларни амалий тайёрлаш ва Марказнинг илмий-маърифий меросини замонавий медиа орқали ёритиш кўзда тутилган.

Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида талабаларни бевосита иш жараёнида тайёрлашга қаратилган дуал таълим йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида бўлажак журналистларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва гид-журналистлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
2026 йил 30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев педагоглар билан учрашувда олий таълимда дуал таълимни ривожлантириш, университетлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган эди. Давлат раҳбари илгари сурган «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Мазкур ташаббус доирасида ташкил этилган учрашувда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди. Унда талабалар билимини амалий фаолият билан мустаҳкамлаш, Марказнинг илмий-маърифий меросини замонавий медиа воситалари орқали ёритиш масалалари муҳокама қилинди.
Фирдавс Абдухолиқов таълим ва амалиётни уйғунлаштириш, ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда миллий меросни замонавий медиа орқали тарғиб қилиш муҳимлигини қайд этди. Унинг айтишича, талабалар учун хорижий экспертларни ҳам жалб этиш режалаштирилган. Бу уларга халқаро тажриба билан танишиш ва медиа соҳасидаги илғор ёндашувларни ўрганиш имконини беради.
Марказ раҳбари, шунингдек, тарихий ва илмий меросни халқаро аудиторияга етказишда журналистларнинг касбий маҳорати муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ахборотни шунчаки етказиш эмас, балки ишончли манбаларга таяниб, тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг мазмунини турли аудиторияларга тушунарли тарзда очиб бериш ҳам зарур.
Учрашувда гид-журналистлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марказга турли мамлакатлардан олимлар, тадқиқотчилар, журналистлар ва сайёҳлар ташриф буюришини ҳисобга олганда, бўлажак мутахассислар тарихий билим, журналистик маҳорат, мулоқот маданияти ва хорижий тилларни билиш каби кўникмаларга эга бўлиши лозим.
Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам дуал таълим бўлажак журналистларнинг касбий тайёргарлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, замонавий журналистдан матн ёзиш билан бирга, маълумотларни таҳлил қилиш, фактларни текшириш, турли форматларда контент тайёрлаш ва аудитория билан самарали мулоқот қилиш ҳам талаб этилади.
Ректор Марказ билан ҳамкорлик талабалар учун тарих, илм-фан, маданият ва маънавий меросга оид мавзуларда материаллар тайёрлаш, интервью олиш ва репортажлар яратиш имконини беришини билдирди. Шунингдек, у гид-журналистлар тайёрлаш ташаббусини истиқболли йўналишлардан бири сифатида баҳолади.
Ҳамкорлик талабаларни реал касбий муҳитга олиб кириш, уларнинг амалий тажрибасини ошириш ва Ислом цивилизацияси марказининг бой илмий-маърифий меросини замонавий медиа форматлари орқали кенгроқ аудиторияга етказишга хизмат қилиши кутилмоқда.








