Суд биносидаги жанжал: ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Актёр Билол Исхаков аввалроқ Президент ва Президент Администрацияси раҳбарига мурожаат қилган эди.

Тошкент шаҳар суди биносида содир бўлган жанжал юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий баёнотида маълум қилинди.
Аввалроқ актёр Билол Исхаков ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилган эди. У суд биносида туғишган акаси калтакланганини айтиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва оиласига амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Актёр эълон қилган видеода қора кийимдаги шахс оқ футболка кийган эркакка бир неча бор зарба бераётгани акс этган. Исхаковнинг айтишича, воқеа вақтида ички ишлар ходими жанжални тўхтатиш ўрнига ташқарига чиқиб кетган.
Мурожаатида актёр Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари ва туман прокуратураси фаолиятидан норозилигини ҳам билдирган. Унинг таъкидлашича, Х.З. ва унинг шерикларига оид иш доирасида суд-тиббий ҳамда хатшунослик экспертизалари хулосалари мавжуд бўлса-да, тегишли чоралар кўрилмаяпти. Исхаков туман прокуратураси томонидан учинчи марта қайта экспертиза тайинлаш масаласи кўтарилаётганини ҳам айтган.
Тошкент шаҳар судларининг расмий баёнотида эса жанжалга алоқадор томонларнинг суд биносига келишига сабаб бўлган суд жараёни ҳақида маълумот берилган.
Қайд этилишича, фирибгарлик ва безорилик жиноятларида айбдор деб топилган Ф. З.га оид биринчи инстанция суди ҳукми устидан судланувчи ҳамда жабрланувчилар Ш. И. ва З. И. апелляция шикояти берган.
Бироқ томонлар шикоятларини қайтариб олган. Шу сабабли Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2026 йил 29 сентябрдаги ажрими билан апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган.
Суд биносидаги жанжал юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича эса тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








