11 йилда 81 мингга яқин мигрант ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди — БМТ
Уларнинг камида 4 414 нафари болалар бўлган.

2014–2025 йиллар давомида дунё бўйлаб миграция сафарлари чоғида қарийб 81 минг нафар мигрант ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Уларнинг камида 4 414 нафари болалардир.
ТАСС агентлиги БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳисоботига таяниб хабар беришича, қайд этилган ҳолатларнинг ярмидан кўпида мигрантларнинг ёши кўрсатилмаган. Шу сабабли ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган болаларнинг ҳақиқий сони расмий статистикада акс этганидан анча кўп бўлиши мумкин.
Ҳисоботда Марказий Ўрта ер денгизи миграция йўналишидаги вазиятга ҳам эътибор қаратилган. 2024 йилда ушбу йўналиш орқали Италия ва Малтага етиб келган мигрантларнинг 19 фоизини болалар ташкил этган. Бироқ ўша йили қайд этилган мигрантлар ўлими ҳолатларининг атиги 2 фоизи болалар ҳиссасига тўғри келган.
ХМТ бу тафовут болалар ўлими ҳолатлари етарлича қайд этилмаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини таъкидлаган.
Ташкилот давлатларни мигрантлар, айниқса болалар ўлими ва бедарак йўқолиши билан боғлиқ ҳолатларни ҳужжатлаштириш тизимини такомиллаштиришга чақирган. Бунинг учун марҳумларнинг ёши ва миграция мақомини мунтазам қайд этиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертлар ва гуманитар ташкилотлар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш тавсия этилган.








