АҚШ Эронга қарши “барча бомбаларнинг онаси”дан фойдаланиши мумкин — CNN
АҚШ Эроннинг энергетика ва ядровий объектларига зарба бериш режаларини муҳокама қилмоқда.

АҚШ маъмурияти Эронга қарши ҳарбий амалиётлар қайта бошланган тақдирда, норасмий равишда “барча бомбаларнинг онаси” деб аталадиган GBU-43/B MOAB авиабомбасидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга буйруқ берса, Эроннинг энергетика инфратузилмаси ва ядровий объектларига зарбалар берилиши мумкин.
Манбалардан бирининг айтишича, Трамп ҳарбийларга эҳтимолий зарбалар режасини ишлаб чиқишни топширган. Режаларда Эроннинг энергетика инфратузилмасига тегишли кўплаб объектлар, шунингдек, MOAB бомбасидан фойдаланиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
CNN қайд этишича, оғирлиги 9,5 тоннадан ортиқ бўлган GBU-43/B MOAB АҚШ арсеналидаги энг кучли ядровий бўлмаган авиабомбалардан бири ҳисобланади. У катта ҳудудда кучли портлаш ва вайронагарчилик келтириб чиқаришга мўлжалланган.
Телеканал манбаларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Эроннинг ядровий объектларига, жумладан, Натанз яқинидаги Коланг Газ Ла тоғи остида жойлашган иншоотга зарба бериш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда. Манбалардан бири MOABдан фойдаланиш чуқур жойлашган объектларни йўқ қилишдан кўра, психологик таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган.
Шу билан бирга, CNN АҚШ маъмуриятида Эрон билан урушни давом эттириш бўйича турли қарашлар мавжудлигини таъкидлайди. Телеканал манбаларига кўра, айрим амалдорлар Эронни мағлуб этиш учун қуруқликдаги қўшинлар иштирокидаги кенг кўламли операция зарур деб ҳисоблайди. Бироқ бундай амалиёт АҚШ ҳарбийлари орасида катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Пентагон турли ҳарбий вариантларни кўриб чиқаётгани айтилмоқда. Шунга қарамай, CNN маълумотларига кўра, ҳозирча АҚШ маъмуриятида қуруқликдаги кенг кўламли операцияни бошлашни қатъий талаб қилаётганлар йўқ. Трамп ҳам АҚШ қўшинларини Эронга юборишдан манфаатдор эмаслигини билдирган.








