Эрта никоҳга қарши жазо кучайтирилди: жарималар 50 БҲМгача ошди
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун билан эрта никоҳ ва никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жарималар оширилди.

Ўзбекистонда никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жарималар оширилди. Бу болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунда белгиланган.
Қонунчиликдаги ўзгартишларга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан амалда никоҳ муносабатларига кириш учун жарима миқдори 5–10 БҲМдан 10–15 БҲМгача оширилди.
Шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёки уйлантириш учун ота-оналар ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга 20–25 БҲМ миқдорида жарима белгиланди. Илгари бу миқдор 7–15 БҲМни ташкил этган.
Бундан ташқари, никоҳи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузиш мақсадида диний маросим ўтказганлик учун жарима 15–30 БҲМдан 30–50 БҲМгача оширилди.
Ўзгаришлар никоҳ ёшига оид қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.








