Истанбул ва яна икки вилоятда сув тошқини хавфи: ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Кучли ёмғир ва шамол сув тошқинлари ҳамда йўлларда ҳаракатланиш қийинлашишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида истиқомат қилаётган ҳамда вақтинча бўлиб турган фуқароларни об-ҳаво шароити ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Қайд этилишича, кучли ёмғир ва шамол сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланишнинг қийинлашиши ва бошқа фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу муносабат билан ватандошларимизга қуйидаги эҳтиёт чораларига риоя қилиш тавсия этилди:
-
зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилмаслик;
-
кучли ёмғир вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ юриш;
-
денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ҳамда мустаҳкам ўрнатилмаган конструкциялар яқинида эҳтиёт бўлиш;
-
автомобиль бошқаришда тезликни камайтириш ва хавфсиз масофани сақлаш;
-
Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан берилаётган расмий огоҳлантириш ва тавсияларга амал қилиш.
Бош консулхона фуқароларни ўз хавфсизлиги ва яқинларининг саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга чақирди.








