Қозоғистонга кириш қоидалари ўзгаради: электрон рухсатнома мажбурий бўлади
Янги тартиб 2026 йил ноябридан босқичма-босқич жорий этилади.

Қозоғистон чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши, у ерда бўлиши ва чиқишини тартибга солувчи янги қоидаларни тасдиқлади. Ҳукумат қарорига кўра, янги тартиб доирасида чет элликлар Қозоғистонга кириш учун электрон рухсатнома олишлари керак бўлади.
Рухсатнома ички ишлар органлари томонидан миллий хавфсизлик идоралари билан келишилган ҳолда рақамли платформа орқали бепул берилади. Ариза режалаштирилган сафардан камида 72 соат олдин топширилиши ва аризачи шахсини тасдиқлаш жараёнидан ўтиши керак.
Электрон рухсатнома 180 календарь кун давомида амал қилади. Бироқ бу муддат чет эл фуқаросининг Қозоғистонда қанча вақт қолиши мумкинлигини белгиламайди — мамлакатда бўлишнинг рухсат этилган муддати алоҳида тартибга солинади.
Чегарада хорижий фуқаролар рухсатнома олишда фойдаланган паспорти ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишлари керак. Рухсатнома ҳақидаги маълумотлар «Беркут» ягона рақамли тизими орқали текширилади.
Электрон рухсатномани текшириш тизими босқичма-босқич ишга туширилади.
-
2026 йил 1 ноябрдан — Актау халқаро аэропорти ҳамда Урлютобе, Ауҳатти, Атамекен ва Нурли Жол чегара ўтказиш пунктларида;
-
2027 йил 1 январдан — Остона ва Олмаота халқаро аэропортларида;
-
2027 йил 1 мартдан — давлат чегарасидаги бошқа барча назорат-ўтказиш пунктларида;
-
2027 йил 1 июлдан — электрон кириш рухсатномаси мажбурий бўлади.
Ўтиш даврида рухсатномаси бўлмаган чет элликларга ҳужжатни расмийлаштириш зарурати тушунтирилади, бироқ фақат унинг йўқлиги сабабли мамлакатга кириш рад этилмайди. 2027 йил 1 июлдан кейин эса рухсатноманинг мавжуд эмаслиги киришни рад этиш учун асос бўлади.
Кимлар рухсатнома олиш керак?
Янги тартиб визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади. Қозоғистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлиш электрон рухсатномадан озод этилишни англатмайди.
Электрон рухсатнома олиш учун QazETA рақамли платформасидан фойдаланиш режалаштирилган. Платформа 2026 йил январидан синов режимида ишламоқда, ҳозирча эса рухсатнома олиш тавсиявий хусусиятга эга.
Дастлаб рухсатномани пулли асосда бериш таклиф қилинган бўлсада, тасдиқланган қоидаларга кўра, у бепул расмийлаштирилади.
Шу билан бирга, электрон рухсатнома қабул қилувчи томоннинг чет эл фуқароси келгани ҳақида миграция органларига хабар бериш мажбуриятини бекор қилмайди. Тегишли хабарнома амалдаги тартибда тақдим этилиши керак.








