Тиббий хизматлар нархи асоссиз оширилган: уч ҳудудда қонунбузилишлар аниқланди
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, истеъмолчилардан жами 1 млрд сўмдан ортиқ ортиқча маблағ ундирилган.

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар нархларининг шакллантирилиши ўрганилди. Натижада уч ҳудуддаги айрим муассасаларда қонунчилик талаблари бузилгани ва истеъмолчилардан ортиқча маблағ ундирилгани маълум бўлди.
Хусусан, Қорақалпоғистондаги 7 та тиббиёт муассасасида 2023–2026 йиллардаги пулли хизматлар нархлари таҳлил қилинди. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзларига қарамай, фойда солиғи хизматлар таннархига киритилгани ва тарифлар белгиланган меъёрдан оширилгани аниқланди. Оқибатда истеъмолчилардан жами 331,7 млн сўм асоссиз даромад олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан 6 та тиббиёт муассасасига нисбатан иш қўзғатилиб, маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилган. Кўрилган чоралар натижасида айрим пулли тиббий хизматлар тарифларини ўртача 16,22 фоизга пасайтиришга эришилган.
Самарқанд вилоятида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида хизматлар нархларини шакллантиришда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Натижада истеъмолчиларга 302,2 млн сўм ортиқча ҳисобланган. Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.
Сирдарё вилоятида эса иккита тиббиёт муассасасида қонунбузилишлар қайд этилган. Онкология ва радиология маркази вилоят филиалида 2025 йилда қарийб 4 790 нафар истеъмолчидан 76 млн сўмдан ортиқ асоссиз даромад олингани маълум бўлган.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалида пулли хизматлар нархини ҳисоблашда билвосита харажатларни қайта тақсимлаш коэффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланган. Натижада 2024–2025 йилларда истеъмолчилардан 300 млн сўмга яқин ортиқча маблағ ундирилган.
Мазкур филиалларга нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, хизматлар нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилган.








