Тиланчилик учун жарима ошди: айрим ҳолатларда қамоқ ҳам қўлланади
Тиланчилик ва одамларни ушбу фаолиятга жалб қилиш учун жазоларни кучайтирилди.

Ўзбекистонда тиланчилик билан шуғулланганлик ва бошқа шахсларни бу фаолиятга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Тегишли ўзгартиришлар болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун билан киритилди.
Қонунга кўра, аэропортлар, вокзаллар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, бозорлар, кўчалар, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат ёки бошқа моддий бойликларни фаол равишда сўраб тиланчилик қилганлик учун жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача этиб белгиланди. Шунингдек, 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Вояга етмаганлар, кексалар, руҳий ҳолати бузилган ёки ногиронлиги бўлган шахсларни тиланчиликка жалб қилиш, шунингдек, бошқа шахсларни мажбурлаш орқали бундай фаолиятга жалб этиш учун жарима БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача оширилди. Бу ҳолатларда ҳам 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.








