Ўзбекистонда иш жойидаги тазйиқ, зўравонлик ва камситишга қарши миллий дастур бошланди
Декабрга қадар иш жойидаги тазйиқ ва камситишлар ҳақида аноним хабар бериш имконини берувчи портал ишга туширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда ходимларнинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, иш жойларида тазйиқ, зўравонлик ва камситишнинг олдини олишга қаратилган Миллий дастурни амалга ошириш бошланди. Тошкентда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг 70 га яқин вакили иштирокида дастурни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офиси бош координатори Нозимахон Давлетова ҳар бир ташкилотда ўзаро ҳурмат маданиятини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаб, ўз нутқида шундай деди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ислоҳот туфайли биз ҳар бир инсонга, эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, институтлараро ҳурматни шакллантириш механизмини яратмоқдамиз. Бу ҳар бир ташкилотда меъёрга айланиши керак. Ўзаро ҳурмат маданияти Янги Ўзбекистонимиз учун соғлом жамият ва келажакнинг кучли кадрларини шакллантиради”.
Дастурнинг муҳим янгиликлари:
- Жорий йил декабригача ходимлар иш жойидаги қонунбузилишлар ҳақида аноним хабар бериши мумкин бўлган “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” рақамли портали ишга туширилиши режалаштирилган.
- 14 та ҳудудда 700 нафар фасилитатор тайёрланади. Улар давлат ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш ва хавфсиз иш муҳитини яратиш учун масъул 35 минг нафар ходимни ўқитади.
- Ходимларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва кўрилган чораларни кузатиш механизмлари йўлга қўйилади.
Тадбирда Олий суд раиси Робахон Маҳмудова, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Маҳл ҳам иштирок этиб, қонунчиликда белгиланган кафолатларни амалда ишлайдиган механизмларга айлантириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Миллий дастур Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ–345-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарори асосида амалга оширилади.








