16 ёшли қиз осилган ҳолда топилди: Бош прокуратура маълумот берди
Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 16 ёшли қиз хонадонда вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 12 октябрь куни соат 18:12 да «112» рақамига келиб тушган хабар асосида тумандаги “Иброҳим ота” маҳалласи, Чуқурсой кўчасида жойлашган хонадонда 2010 йил 17 августда туғилган М.Р.нинг вафот этгани аниқланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қизнинг хонаси эшиги қулфланганини кўрган укаси балкон орқали хонага кирган ва опасини осилган ҳолатда кўрган. Воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари унинг вафот этганини қайд этган.
Ҳозирда ҳолатнинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








