Энергетика тараққиётнинг юраги: Ўзбекистонда энергетика лойиҳалари амалга оширилади
Умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик олтита энергетика лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳаси инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.
Давлат раҳбари энергетикани тараққиётнинг юраги деб атаб, барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар сармояси ва аҳолининг эртанги кунга ишончи учун муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўн йил аввал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, эскирган қувватларни янгилаш ва ортиб бораётган талабни қондириш вазифалари белгиланган. Шу мақсадда энергетика бозори хусусий инвестициялар учун очилиб, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилган.
Ўтган даврда энергетика соҳасига 35 миллиард доллар инвестиция киритилди. Ҳамкор давлатлар сони эса 2–3 тадан 10 тадан ортиққа етди.
Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами электр ишлаб чиқаришдаги улуши 31 фоизга кўтарилди. «Яшил» энергия қувватлари 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда.
Шунингдек, аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш 28 фоизга ошиб, йилига 2 300 киловатт-соатга етди.
Бугун умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик олтита йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш ва 400 мегаватт энергия сақлаш қувватлари яратилади.








