Тошкентда автобуслар учун алоҳида йўлаклар: 17,9 кмни ташкил этади
Лойиҳанинг дастлабки қиймати 6,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида тўртта кўча ва шоҳкўчада алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 6,5 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Лойиҳа доирасида қуйидаги кўчаларнинг жами 17,9 километр қисмида ишлар олиб борилади:
- Муқимий кўчаси — 4,6 км;
- Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчалари — 4,2 км;
- Паркент кўчаси — 2,8 км;
- Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — 6,3 км.
Маълум қилинишича, мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган 150 километрдан ортиқ йўл қисмини таҳлил қилган. Натижада қарийб 18 километрда ишларни бошлаш тавсия этилган.
Лойиҳа учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан маблағ ажратиш режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда. Буюртмачи сифатида “Тошкент инвест компанияси” АЖ белгиланиши кутилмоқда.
Қурилишдан олдин муҳандислик коммуникациялари ҳолати текширилади. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар йўлаклари, бекатлар ва ёритиш тизимига алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳокимлик маълумотига кўра, Тошкентда автомобиллар сони ҳар йили тахминан 30 мингтага кўпаймоқда. Алоҳида автобус йўлакларини ташкил этишдан мақсад жамоат транспортининг тезлиги ва қулайлигини ошириб, уни шахсий автомобилга муқобил воситага айлантиришдир.








