Тошкентда иссиқ сув нега ҳидланяпти? Лаборатория текшируви бошланди
Бешта туманда иссиқ сув сифати юзасидан келиб тушган мурожаатлар бўйича текширув бошланди.

Тошкент шаҳрининг Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманлари аҳолиси иссиқ сувдан бегона кимёвий ҳид келаётгани юзасидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent компанияси маълум қилди.
Компания ахборотига кўра, аккредитациядан ўтган лаборатория мутахассислари вазиятни ўрганиш учун жойларга чиқиб, сув манбалари ва хонадонлардан намуналар олган. Уларда кимёвий, бактериологик ва органолептик таҳлиллар ўтказилади.
Veolia Energy Tashkent маълумотига кўра, компания иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни турар жой биноларининг подвалигача етказиб бериш ҳамда тақсимлаш билан шуғулланади. Мазкур туманларга тармоқ суви эса «Тошкент Иссиқлик Электр Маркази» АЖ томонидан етказиб берилади.
Сув сифати юзасидан олинган маълумотлар етказиб берувчи корхонага юборилган. Бу орқали технологик жараённи меъёрлаштириш ва магистраль тармоқларни ювиш бўйича шошилинч чоралар кўриш кўзда тутилган.
Компания вазият назоратда эканини ва таҳлил натижалари текширув якунлангач эълон қилинишини билдирилди.








