Камерани тепиб синдирди: Чилонзорда икки йигит 3 суткага қамалди
Спиртли ичимлик таъсирида бўлган йигитлар кўп қаватли уй кириш йўлагида камерани синдирган.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кўп қаватли уй кириш йўлагига ўрнатилган кузатув камерасини тепиб синдирган йигитлар аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса ярим тунда содир бўлган. Аниқланган уч нафар шахсдан иккитаси 2004 ва 2005 йилларда туғилган, учинчиси эса вояга етмаган. Текширув давомида икки йигит спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланган.
Камерани синдирганини тан олган йигит қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Унинг айтишича, у дўсти билан ресторанда спиртли ичимлик истеъмол қилганидан сўнг маҳаллани айланиб, кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига кирган ва иккинчи қаватдан тушаётиб камерани синдирган. У содир этган иши учун узр сўраган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — майда безорилик ҳамда 194-моддаси — ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди қарори билан икки йигитга 3 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Вояга етмаган шахсни махсус назоратга олиш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдимнома киритилган.








