Мигрантлар учун янги тақиқ: Санкт-Петербургда қайси соҳаларда ишлаш мумкин эмас?
Янги тақиқ 2026 йил охиригача амал қилади.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида патент асосида ишлайдиган хорижий фуқароларни бир қатор соҳаларда ишга ёллаш тақиқланди. Чекловлар чакана савдо дўконлари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, массаж салонлари ва тиббиётнинг айрим йўналишларини қамраб олади. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди.
Шаҳар губернатори Александр Бегловнинг қарори билан 2026 йил охиригача амал қиладиган чекловлар рўйхати кенгайтирилди. Унга жисмоний тарбия ва соғломлаштириш хизматлари, айрим тиббий фаолият турлари ҳам киритилган.
Тақиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар — Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига татбиқ этилмайди. Шунингдек, иш рухсатномасига эга юқори малакали хорижий мутахассислар ҳам чекловдан мустасно.
Иш берувчиларга меҳнат фаолиятини янги талабларга мослаштириш учун 15 декабргача муддат берилган.
Шаҳар маъмурияти тақиқни норасмий бандликка қарши курашиш, меҳнат бозорида қонунийликни таъминлаш ва Россия фуқаролари, жумладан, ёшлар ҳамда талабалар учун иш ўринларини сақлаб қолиш чораси сифатида изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрида Александр Беглов 2026 йил охиригача патент асосида ишлайдиган мигрантларни такси ҳайдовчиси ва курьер сифатида ишга ёллашни тақиқловчи фармонни ҳам имзолаган эди.








