Наманганда алиментдан қарздор ота бильярд залидан топилди
У аввал маъмурий жазога тортилган бўлса-да, тегишли хулоса чиқармаган.

Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси Қидирув шўъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари давомида алимент мажбуриятини бажариб келмаган қарздор ота аниқланди.
Маълум бўлишича, у суд ҳужжатига асосан фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлган. Бироқ белгиланган мажбуриятни бажармасдан, ижродан бўйин товлаб келган.Қарздорга нисбатан аввал маъмурий таъсир чораси қўлланилган бўлса-да, бу ҳам уни ўз мажбуриятини бажаришга ундамаган.
Қидирув тадбирлари давомида эса у бильярд залида эканлиги аниқланиб, Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ушланди ва тегишли тартибда расмийлаштириш ишлари амалга оширилди.







