Талабалар кўчаларга чиқди: Албанияда ҳукуматга қарши намойишлар авж олди
Мамлакат бош вазири ҳукуматга қарши намойишлар ортида “ташқи кучлар” турганини даъво қилди.

Албания пойтахти Тирана шаҳрида Бош вазир Эди Раманинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар бўлмоқда. Намойишлар чоғида ҳукумат биноларига ҳужумлар уюштирилиб, айрим иншоотларга зарар етказилган.
Намойишлар сешанба куни бошланган ва кейинчалик мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалган. Пайшанба куни намойишчилар Таълим вазирлиги ва парламент биноси яқинида тўпланган. Уларнинг парламентга киришга уринишлари сабабли мажлис фаолияти ҳам узилиб қолган.
Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув тўпларидан фойдаланган. Намойишчилар эса ҳуқуқ-тартибот ходимларига тош отиб, кўчаларда чиқиндиларни ёқиш ва йўлларни тўсиш каби ҳаракатларни амалга оширган. Полиция маълумотига кўра, пайшанба оқшомида бошланган зўравонликлар ортидан 160 киши ҳибсга олинган.
Намойишчиларнинг асосий қисмини ёшлар ва талабалар ташкил этмоқда. Улар коррупцияга қарши курашиш, нархлар ошишини тўхтатиш ва таълим тизимини ислоҳ қилишни талаб қилмоқда. Айрим иштирокчилар ҳукуматнинг норозиликларга муносабатини ҳам танқид қилган.
Норозиликларнинг муҳим сабабларидан бири АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан боғлиқ туризм лойиҳасидир.
Лойиҳа танқидчилари уни коррупция ва жамиятдаги тенгсизлик билан боғлиқ муаммоларнинг рамзи сифатида кўрмоқда. Ҳукуматга қарши норозиликлар эса бир неча ойдан бери давом этиб келаётган эди.
Албания бош вазири Эди Рама жума куни видеомурожаат орқали намойишчиларнинг тинчликни сақлашга чақирган. Шу билан бирга, у тартибсизликлар ортида Албанияда беқарорликни истаётган “ташқи кучлар” турганини даъво қилган.
Европа Иттифоқининг Албаниядаги делегацияси ҳам вазият юзасидан хавотир билдириб, расмийларни намойишларга мутаносиб жавоб қайтаришга чақирган.








