Самарқандда халқаро тадбирлар: айрим йўлларда ҳаракат чекланади
18–22 октябрь кунлари халқаро тадбирлар сабаб шаҳарга кириш йўллари ва 16 та марказий кўчада транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланади.

Самарқанд шаҳрида халқаро тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 18–22 октябрь кунлари шаҳарга кириш йўллари ва айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 19–20 октябрь кунлари Самарқандда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги учрашуви, 21–22 октябрь кунлари эса болалар фаровонлиги ва келажагига бағишланган глобал саммит бўлиб ўтади. Тадбирлар доирасида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Ҳаракат вақтинча чекланадиган кўчалар рўйхатига қуйидагилар киритилган:
- Ибн Сино;
- Бўстонсарой;
- Университет хиёбони;
- Регистон;
- Афросиёб;
- Намозгоҳ;
- Садриддин Айний;
- Шоҳбот;
- Уста Умар Жўрақулов;
- Шоҳизинда;
- Мирзо Улуғбек;
- Беруний;
- Доғбит;
- Рудакий;
- Гулобод;
- Ойдин йўли.
Вазирлик маълумотига кўра, чекловлар даврида айланма ва муқобил йўналишлар ташкил этилади. Фавқулодда хизматлар транспортига чекловлар татбиқ этилмайди. Вилоят ҳудуди орқали транзит
ҳаракатланадиган транспорт воситалари ҳам муқобил йўналишларга йўналтирилади.
Фуқаролардан вақтинчалик ноқулайликларни тушуниш билан қабул қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаётган масъул ходимлар кўрсатмаларига риоя этиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. У, шунингдек, 200 дан ортиқ бизнес вакилларидан иборат АҚШ савдо делегациясига бошчилик қилади.








