Санкт-Петербургга дронлар ҳужум қилди: нефть терминали ва ВК маълумотлар маркази нишонга олинди
Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти дронлар ҳужумига учради.

18 октябрга ўтар кечаси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти дронлар ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида нефть терминалида ёнғин чиқди, ВК компаниясининг маълумотлар марказига зарба берилди.
Санкт-Петербург губернатори Александр Бегловнинг маълум қилишича, шаҳарнинг бир нечта туманидаги фуқаролик инфратузилмаси объектларида ва нефть терминали ҳудудида ёнғинлар юзага келган. Пулково аэропорти фаолияти хавфсизлик нуқтаи назаридан чекланган. Губернатор қурбонлар йўқлигини билдирди, шунингдек, мобил интернетда узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко ҳудуд узра 126 та дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дрон парчалари Всеволожск шаҳридаги кўп қаватли уйга, Кировск яқинидаги хусусий уйга ва Низино қишлоғидаги тўртта автомобилга тушган. Электр узатиш линияларига парчалар тушиши сабабли айрим жойларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилган.
ВК компанияси Ленинград вилоятидаги маълумотлар марказига дрон ҳужумини тасдиқлади. Компания хизматлари одатдаги режимда ишлаётганини билдирган.
Бироқ мониторинг сайтлари “ВКонтакте” фаолиятига оид шикоятлар кўпайганини қайд этган. Санкт-Петербургнинг “Фонтанка” нашри ҳам шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида муаммолар кузатилгани ҳақида хабар берган.
Бундан ташқари, Dnipro Osint, Astra ва Varlamov News Теlegram каналлари дронлардан бири Ғарбий тезкор диаметр автомобиль магистралидаги Кема қатнови фарватери устидан ўтган вантли кўприкка зарба берганини ёзди. Расмийлар бу маълумотни тасдиқламаган. “Фонтанка” нашрининг хабар беришича, магистралнинг Екатеринҳофка ва Шкиперский бўғозлари оралиғидаги қисми ёпилган.








