Таълим ва илм-фан вазирлиги: ўринбосарлар тайинланди
Президент қарори билан вазирликда учта янги тайинлов амалга оширилди.

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Таълим ва илм-фан вазирлигида янги тайинловлар амалга оширилди. Ойбек Йўлдошев вазирнинг биринчи ўринбосари, Меҳринисо Пардаева ва Санжар Мирзалиев эса вазир ўринбосарлари этиб тайинланди.
Ойбек Йўлдошев 2018 йилдан буён “PwC Uzbekistan” компаниясида давлат сектори, инфратузилма ва ESG бўйича консалтинг амалиёти директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
У профессионал фаолиятини 1998 йилда “Коском” компаниясида бошлаган. 2003 йилда Буюк Британиядаги Лидс университети Бизнес мактабида иқтисодиёт йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган ва Тошкентдаги Вестминстер университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2012 йилда Миланда иқтисодиёт бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Меҳринисо Пардаева тайинловга қадар, 2021 йилдан буён Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида бошқарма бошлиғи сифатида фаолият юритган. У педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Пардаева 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги” ҳамда 2012 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Санжар Мирзалиев эса 2026 йил май ойидан буён Беларусь–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг ижрочи директори лавозимида ишлаб келган.
У Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг бакалавриат ва докторантура (PhD) босқичларини тамомлаган. 2020 йил мартидан 2022 йил сентябригача Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг илмий тадқиқотлар, инновациялар ва докторантура бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.








