“Ҳеч бир бола, ҳеч бир оила ўз дарди билан ёлғиз қолмаслиги учун, фаровон келажаги учун бирлашайлик!" — Зироат Мирзиёева
Самарқандда болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс ўтказилмоқда.

Самарқандда «Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» Жаҳон саммити доирасида «Соғайишдан фаровонлик сари» мавзусида Болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиянинг соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкология мактаби вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, конгресс хорижий университет клиникалари, етакчи тиббиёт марказлари, халқаро ва миллий илмий ҳамжамият ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирди.
Конгрессда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева дунё ҳамжамияти, ҳукуматлар, олимлар ва инсонпарвар ташкилотларни болалар саломатлиги йўлида аниқ ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш учун бирлашишга чақирди.
«Дард ва касаллик сиёсий чегара, миллат ёки даромад танламайди. Ҳеч бир бола, ҳеч бир оила ўз дарди билан ёлғиз қолмаслиги учун, фаровон келажаги учун бирлашайлик!» — деди у.
Конгресс доирасида «Меҳрли Мактаб» ўқувчиларининг чиқиши ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Болалар ўз ҳаётий ҳикоялари орқали нафақат шахсий кечинмаларини, балки дунё болаларининг умид ва орзуларини ҳам ифода этди.
Уларнинг чиқиши конгресс қатнашчиларига даволаниш жараёни ва унинг натижаларига кичик беморлар нигоҳи билан қараш, болаларнинг матонати ҳамда миннатдорлигини ҳис этиш имконини берди.








