1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

11 сентябрь: дунёни ўзгартирган кун

Бундан роппа-роса 20 йил аввал 2001 йил 11 сентябрь кунги теракт оқибатида 3 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 24 нафар одам бедарак йўқолди. Портлаш нафақат АҚШ, балки 92 давлат фуқаролари фожеа қурбон бўлишига олиб келди. 11 сентябрь куни тўкилган қон кейинчалик Афғонистон ва Ироқдаги урушларга сабаб бўлди.

11 сентябрь: дунёни ўзгартирган кун

 

 

                            Режа кимники ва у қандай бошланган?

 

2001 йил 11 сентябрь куни соат 7:59 да American Airlines авиакомпаниясининг Бостондан учган навбатдаги рейсида 5 нафар террорчи борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса керак. Мисрлик Муҳаммад Атта бошчилигидаги жангарилар самолётни олиб қочиш мақсадида режа ҳаракат қила бошлади.

 

АҚШга қарши теракт уюштириш режаси 5 йил аввал ишлаб чиқилганди. Бу ғоя асли покистонлик бўлган Холид Шайх Муҳаммадга тегишли бўлган. Холид террорчиларга дастлаб учувчиликни ўргатади. Агар шундай қилинса, самолётларни олиб қочиш мумкин бўлар ва у жангарилар қўлида қуролга айланар эди.

 

Бу режа “Ал-Қоида” етакчиси Усама бен Ладенга маъқул тушади. Аста-секинлик билан терактга тайёргарлик бошланади.

 

11 сентябрь куни Муҳаммад Атто гуруҳидан ташқари Америка бўйлаб яна 3 та самолёт олиб қочилади. Соат 9:30 гача террорчилар 4 та самолётни қўлга киритишга муваффақ бўлади.

 

                                    Ҳужум қаерга мўлжалланган?

 

Холид Муҳаммад Шайх кўрсатмасига кўра, теракт нишони сифатида уч турдаги объект – ҳарбий, сиёсий ва молиявий аҳамиятга эга иншоотлар танланган. Шу сабабли Пентагон (АҚШ Мудофаа вазирлиги), Оқ Уй (АҚШ Президенти қароргоҳи) ва Жаҳон савдо маркази (молиявий-иқтисодий турдаги нишон сифатида)га ҳужумлар режалаштирилади.

 

Соат 8:46 да дастлабки портлаш содир бўлади: самолёт Жаҳон савдо марказининг шимолий минораси — 110 қаватли бинонинг 93-99- қаватларига урилиб портлайди. Шу жойнинг ўзида юзлаб инсонлар қурбон бўлади.

 

 

Орадан йигирма дақиқа ўтмай, иккинчи самолёт “эгизак миноралар”нинг жанубий биносига бориб урилди.

 

 

АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жорж Буш бу пайтда Флорида штатида мактаб ўқувчилари билан учрашув ўтказаётган эди. Ҳар икки ҳолат ҳақида ҳам унга зудлик билан маълумот беришганда президент ўзини йўқотмаган. Буш кейинчалик берган интервьюсида бу воқеаларни ёдга олиб: “Ён-атрофимдагиларни ваҳимага солиш, ўтирган стулимдан отилиб туриб, бутун синфни қўрқитиш, фожеани чуқурлаширишни истамадим, қулай фурсатни кутишни афзал билдим”, деган эди.

 

 

                                  Пентагонга  ҳужум

 

Соат 9:30 дан ошганда самолётлардан бири Вашингтонга кириб келди. Вашингтон аэропорти ходимлари самолёт Оқ Уй тарафга йўл олганини маълум қилди. АҚШ вице-президенти зудлик билан махфий ерости бункерига олиб тушилади.

 

 

Аммо самолёт кутилмаганда йўналишини ўзгартиради ва Пентагон биносига келиб урилади. Вужудга келган портлаш оқибатида 64 йўловчи ва 125 нафар мудофаа вазирлиги ходими ҳалок бўлди.

 

Жорж Буш кейинчалик учинчи портлаш унинг фикрини ўзгартирганини айтган эди. ”Биринчи самолёт аврия бўлиши мумкин эди. Иккинчи портлаш ҳужум, учинчиси эса бизга қарши уруш эълон қилингани белгиси бўлди”, деб қайд этган собиқ президент.

 

Тўртинчи самолёт мақсадга эриша олмади. Сўнгги дамда у Пенсильваниядаги бўш ерга бориб урилди. Оқибатда барча йўловчилар ҳалок бўлди.

 

11 сентябрь воқеалари инсоният тарихида  энг мудҳиш теракт бўлиб қолди. Унинг натижасида 3 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди. Теракт нафақат АҚШ, балки бутун инсоният руҳи, онги ва қарашларига қаттиқ таъсир қилди.

 

                               Геосиёсий оқибатлар

 

Вашингтон  ҳужумларни жиддий қабул қилди ва “Террорга қарши доктрина” ишлаб чиқди. Бунинг натижасида АҚШ 2001 йил Афғонистонга, 2003 йил Ироққа қўшин киритди. Бу урушнинг якуни маълум: ҳар икки давлатда ҳам катта муваффақият қозона олмади. Аксинча, 2021 йилда Вашингтоннинг Афғонистонни тарк этиши туфайли турли радикал гуруҳлар янада фаоллашди.

 

 

11 сентябрь инсоният тарихининг янги даврини бошлаб берди. Машъум теракт оқибатлари ҳали узоқ йиллар эсланиши ва маълум маънода сабоқ бўлиши шубҳасиз.

 

 

 

Жаҳонгир Қўзиев

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика