Унда айтилишича, бу лойиҳанинг илк босқичи бўлиб, унинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Айни вақтда заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг донани ташкил қилади. Завод мултибрендли бўлиб, “КIA”, “Renault” ва “LADA” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда.
Бу машиналар юқори сифати, замонавий дизайни ва шинамлиги, тежамкорлиги, сервис хизматлари арзонлиги, бошқариш қулайлиги билан харидорларга маъқул бўлмоқда. Автомобилларга беш йиллик кафолат берилади. – дейилади хабарда.
Ҳозирда корхонада 250 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда.
2023 йилнинг биринчи чорагида лойиҳанинг ишга туширилиши режалаштирилаётган иккинчи босқичи иш кўламини янада орттиради. Мазкур даврга келиб кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади.
“Натижада, завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Шунингдек, 3 мингта янги иш ўрни яратилади”, – деб ёзилади ҳокимлик сайтида.
Бундан аввал Ўзбекистонда “LADA Vesta CW” ва “LADA XRAY” русумли автомобиллар ишлаб чиқарила бошлангани, “Кia Узбекистан” “К8” седанини сотишни бошлагани ҳамда "Renault" энди Ўзбекистон бозорига ҳам чиқарилиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


