Аҳмад Маъсуд “Толибон”га шарт қўйди
Панжшер вилоятида қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Маъсуд толибларга қарши курашни тўхтатиш шартини маълум қилди. Бу ҳақда у “Foreign Policy” журналига берган интервьюда айтган.


“Агар ‘Толибон’ ҳаммани ҳокимиятга жалб қилса адолат ўрнатса, Афғонистонда барчага тенглик ва эркинлик берса, мен қуролимни ташлаб, сиёсатни тарк этаман”, - деган Масъуд.
Қўмондоннинг фикрича, толиблар билан фақат инклюзив ҳукумат тузилса ва марказлаштирилмаган ҳокимият ўрнатилган тақдирдагина музокараларга келишиш мумкин, қолган барча вариантлар номақбул ҳисобланади. Акс ҳолда Панжшер қаршилик кўрсатишда давом этади.
Масъуд чет элдан ҳеч қандай молиявий ёрдам олмаётганини айтди. Толибларни эса, аксинча кўплаб минтақа давлатлари қўллаб-қувватламоқда.
“Қочиб кетган Ғани ҳукумати кўплаб давлатларни ‘Толибон’ тарафга ўтишга мажбур қилди. Уларнинг этник ва диний сиёсатидан тортиб сув таъминотигача бўлган ҳаракатлари кўплаб қўшниларни толиблар билан яқинлашишга мажбур қилди. Бунга яна бир сабаб-АҚШ қўшинлари бўлди”,- деган Панжшер етакчиси.
15 август куни “Толибон” томонидан Кобул эгалланиб, Афғонистонда ҳокимият қўлга олинганлиги эълон қилинди. Ҳозирда Панжшер вилоятигина ҳаракат томонидан назорат қилинмайди. Панжшерда ҳозирда этник тожиклар Аҳмад Масъуд бошчилигида “Қаршилик фронти”ни тузган. Вилоят Афғонистондаги энг кичик ва аҳолиси кам ҳудудлардан саналади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Аҳмад Масъуд бутун Афғонистон учун кураш олиб бораётганини маълум қилган.
Жаҳонгир Қўзиев







