Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Амур вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тарқалган дастлабки маълумотларни ўрганиб чиқди. Текширув натижасига кўра, ҳодиса содир бўлган автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлмагани аниқланди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ Туркиянинг “Yamata” қурилиш компаниясига тегишли енгил автомобиль ва йўловчи автобуси иштирокида юз берган. Айрим оммавий ахборот воситаларида автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Миграция агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Россия Миграция хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор текширув ушбу маълумотни рад этди.
Агентлик ҳолатни доимий назоратда ушлаб турибди ва хориждаги ватандошларнинг хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Россия расмий идоралари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.


