Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролар, хусусан, ёшлар ва хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахсларни “A.U.Е.” деб аталувчи жиноятга ундаувчи гуруҳларнинг таҳдиди борасида жиддий огоҳлантиради.
Мазкур ҳаракат илк бор Россия Федерациясида шаклланган бўлиб, у ерда “маҳбуслар қонун-қоидалари”ни тарғиб қилади ва жамиятга жиноятчилик мафкурасини сингдиришга уринади. Россия ҳукумати томонидан 2020 йилда экстремистик ташкилот деб топилган ва тақиқланган бу тузилма билан боғлиқ ҳар қандай фаолият учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Афсуски, ушбу зарарли мафкура бугунги кунда айрим ўзбекистонлик ёшлар орасида, айниқса Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари орасида ҳам тарқалмоқда. Сўнгги йилларда бир неча юртдошларимиз мазкур ҳаракатга алоқадорлиги учун жазога тортилган.
Бу тузилма асосан ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва видео платформалар орқали ёшлар онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. “Закон по понятиям”, “братва”, “совет” каби атамалар орқали жиноятчилик мафкурасини оммалаштириш, “дўстона гуруҳ” кўринишида эътиборни жалб қилиш — ушбу ҳаракатнинг асосий усулларидан биридир. Бироқ бундай “гуруҳлар” билан алоқага киришиш фуқарони бевосита жиноий фаолиятга жалб қилиши мумкин.
Россия қонунчилигига кўра, “A.U.E.” фаолиятида иштирок этиш ёки уни тарғиб қилиш қуйидаги жазолар билан якунланиши мумкин:
300 мингдан 600 минг рублгача жарима;
1 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнатга жалб этиш.
Бу нафақат шахснинг эркинлигини, балки унинг ҳуқуқий мақоми, иш ўрни, яшаш ҳуқуқи ва оиласи келажагини хавф остига қўяди.


