Буюк Британия Украинани ҳимоя қилиш мақсадида ўз қуролли кучларини мамлакатнинг ҳаво ва денгиз ҳудудига йўналтиришга тайёр. Бироқ Лондон Россия билан тўқнашув чизиғи яқинида британия ҳарбийларининг иштирокини истисно қилмоқда. Бу ҳақда The Guardian ҳукуматдаги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи Тони Радакин 20 август, чоршанба куни АҚШнинг Пентагонида ушбу позицияни тақдим этади. У ерда у америкалик ҳамкасблари ва 30 га яқин давлат вакилларидан иборат “истовчилар коалицияси” билан учрашувларда қатнашиб, Украинага миллий хавфсизлик борасида мажбуриятларни белгилаш ҳамда урушдан кейинги тартибга солиш масалаларини муҳокама қилади.
Кутилишича, Радакин Британия ҳарбийларини логистика ва украиналик аскарларни тайёрлаш жараёнига жалб этишга тайёрлигини тасдиқлайди, бироқ уларни Россия кучларига яқин ҳудудларда жойлаштириш кўзда тутилмаган.
Дастлаб Украинага 30 минг аскарни юбориш режалаштирилган эди, бироқ айрим Европа мамлакатларининг эътирозларидан сўнг бу режалар қайта кўриб чиқилгани айтилмоқда.


