Дўстона, аммо натижасиз. Саудия Арабистони Эрон билан музокаралар ҳақида маълумот берди
Саудия Арабистони Эрон билан музокаралар ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон Ал Сауд маълум қилган.


Вазир Эрон билан музокаралар дўстона руҳда бўлганини, аммо аниқ натижаларга эришилмаганини қайд этди.
“Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги музокаралар дўстона руҳда ўтди, аммо олдинга сезиларли силжиш бўлгани йўқ”, – деган Файсал бин Фарҳон Ал Сауд.
Шунингдек, Саудия Арабистони дипломатияси раҳбари Эрон ядро дастурига ҳам тўхталиб ўтди.
“Минтақа ядро фаолиятининг хавфли босқичига кирмоқда. Эрон ядро келишувини бузадиган барча ҳаракатларни тўхтатиши керак”, – деб таъкидлаган у.
Икки мамлакат ўртасида 4 раундли музокаралар бўлиб ўтган. Якунда Саудия ва Эрон ўзаро консулхоналар фаолиятини тиклашга келишиб олди. Мутахассислар Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасида муносабатлар тикланиши Яқин Шарқдаги кучлар нисбатини кескин ўзгартиришини таъкидламоқда. Маълумот ўрнида: сўнгги музокаралар 21 сентябрда ўтказилган.
Аввалроқ Озарбайжон Эрон билан мавжуд келишмовчиликларни ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилганди. Шунингдек, Эрон ядро музокараларига қайтиши хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







