Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида Хавфсизлик Кенгашининг Эронга қарши аввал бекор қилинган резолюцияларини қайта тиклаш бўйича ташаббусларини кескин танқид қилди.
Маълум қилинишича, Ароқчи мазкур қарорларни “ноқонуний ва асоссиз” деб атаб, Эрон 2231-резолюция бўйича ядро дастурига қўйилган барча чекловлар бутунлай бекор қилинганини эслатди. Унга кўра, Теҳрон бундай чораларни қайта жорий этиш ёки кенгайтириш бўйича исталган уринишларни тан олмайди.
Эрон ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, ушбу қарорлар нафақат БМТнинг ишончлилигига, балки Хавфсизлик Кенгашининг халқаро нуфузига ҳам путур етказади. У, шунингдек, мамлакат манфаатларига зарар етказишга қаратилган ҳар қандай қадамга муносиб жавоб берилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда БМТ Эронга қарши санкцияларни қайта тиклаган эди. Чекловларга Эроннинг хориждаги активларини музлатиш, ядровий технологияларни ишлаб чиқаришга тақиқ ва қўрол эмбаргосининг қайта жорий этилиши киради.


