Исроил мудофаа кучлари (IDF) Ғазо шаҳрининг сезиларли қисмини ўз назорати остига олгани ҳақида The Jerusalem Post нашри хабар берди.
Манбага кўра, сўнгги кунларда IDF ҳар кеча 140 дан ортиқ нишонга зарба берган, натижада шаҳарнинг тахминан 800 минг аҳолиси эвакуация қилинган.
Расмий маълумотларда қайд этилишича, Ан-Нади, Шайх Ажлин, Зайтун, Шужайя ва Туффа ҳудудлари Исроил армияси томонидан эгалланган.
Шу билан бирга, Исроил қўшинлари ҳали Ғазо шаҳрининг марказий қисми — Ал-Римал маҳалласи устидан назорат ўрнатмаган. Бу ҳудудда банклар, давлат муассасалари, университетлар, медиа марказлари ва ҲАМАСнинг юқори мартабали амалдорлари жойлашгани айтилади.
Шунингдек, Эски шаҳар ҳануз ҲАМАС назорати остида бўлиб, гуруҳ аъзолари тарихий бинолардан фойдаланаётгани қайд этилмоқда. IDF режалари орасида Аш-Шати қочқинлар лагери устидан назоратни қўлга олиш ҳам борлиги таъкидланади.


