1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари судланмоқда

Фурқат тумани ИИБ бошлиғи иши бўйича Олий суд расмий ахборот эълон қилди, Фарғона вилояти ИИБ эса асосланмаган маълумотлар тарқатилаётганини билдирди.

Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари судланмоқда

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБ томонидан аёл ноқонуний равишда ушлангани, унга жисмоний босим ва қадр-қимматини камситувчи муомала қўлланилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Олий Суд матбуот хизмати маълумот берди.

 

Қайд этилишича, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган А. Х. ва Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Ж. Р.га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилмоқда.

 

Тергов органининг хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “Б” бандлари, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “Б” банди, 142-моддаси (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 230-2-моддаси (тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми ва 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

 

“Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади”, дейилади расмий изоҳда.

 

Ҳолатга Фарғона вилояти ИИБ ҳам расмий муносабат билдирди.

 

“Фурқат тумани ИИБ бошлиғи солиқ бошлиғига нисбатан фитна уюштиргани, бегона аёл шаънини булғагани ҳақидаги сўнгги хабар ва унда келтирилган ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

 

Бироқ, юқоридаги ҳолат бўйича ҳали тергов ва суд жараёнлари якунланмасдан туриб, тўлиқ асосланмаган маълумотларни оммага тақдим этиш ортидан фуқаролар орасида шов-шув уйғонди.

 

Шу муносабат билан фуқароларимиздан келтирилган важлар ҳали тасдиқланмасдан, суд ҳукми эълон қилинмасдан туриб, ноўрин хулоса чиқармасликни сўраймиз. Ўзимизда бўлган асосли материалларни тергов ва суд органларига тақдим этамиз ва якунига кўра вилоят ИИБ Ахборот хизмати томонидан албатта холис муносабат билдирилади”, дейилади ИИБ муносабатида.

 

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика