Исроил қуролли кучлари 15 сентябр куни Фаластиннинг Ғазо шаҳри ва унинг атрофида кенг кўламли ҳарбий амалиётни бошлади. Маҳаллий тиббиёт ходимларининг маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида уйуштирилган зарбалар оқибатида камида 62 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, кўплаб фуқаролар турли даражада жароҳат олган.
WAFA агентлиги хабарича, ҳужумлар давомида бир неча турар-жой бинолари, жумладан, шаҳарнинг энг баланд минораси жиддий зарар кўрган. Ynet портали ёзишича, атиги 20 дақиқа ичида шаҳарга 37 марта зарба берилган, уларда жанговар вертолётлар, дронлар ва артиллерия қуроллари қўлланган. Аҳоли бомбардимон қилинган ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлмоқда.
Axios портали маълумотига кўра, Исроил раҳбарияти Ғазо шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатиш мақсадида қуруқликдан ҳам ҳужум бошлаган. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроилга қарорларини мустақил қабул қилиш имкониятини беришини билдирган. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняҳу билан мулоқотда Вашингтон операцияни қўллаб-қувватлашини, бироқ унинг тезкор амалга оширилиши ва имкони борича қисқа муддатда якунланишини кутaётганини маълум қилган.
Вазият кескинлигича қолмоқда, халқаро ҳамжамият эса тинч аҳолининг ҳимоясини таъминлаш ва можаронинг кенгайишини олдини олишга чақирмоқда.


