Исроил армияси Ғазода жойлашган энг баланд бинолардан бири — 16 қаватли Mecca Towerни бутунлай вайрон қилди. Ҳарбийлар маълумотга кўра, бино ичида ҲАМАС инфратузилмаси жойлашган.
ОАВга кўра, бу ҳолат сўнгги ҳафталарда Ғазода бир нечта баланд турар-жой биноларининг вайрон қилиниши қаторида амалга оширилган. Масалан, илгари “Mushtaha Tower” ва “Al-Safadi Tower” ҳам худди шу даъво билан йўқ қилинган.
БМТ ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу каби амалларни кескин танқид қилмоқда. Уларга кўра, уй-жойлар ва турар жой биноларини йўқ қилиш, кўплаб оилаларнинг бошпанасиз қолиши халқаро ҳуқуққа зид ҳисобланади.
Исроил ҳукумати эса бундай бинолар фақат турар-жой эмас, балки ҲАМАСнинг ҳарбий мақсадларида — қўмондонлик пункти, алоқа маркази ёки қурол сақлаш жойи сифатида фойдаланилганини таъкидлайди.
Бироқ, маҳаллий аҳоли ва араб ОАВлари биноларда асосан тинч аҳоли яшаганини, Исроилнинг даъволари эса барқарор далиллар билан тасдиқланмаганини айтишмоқда.


