Жо Байден АҚШ Президенти сифатида Яқин Шарққа биринчи ташрифини амалга оширмоқда. Давлат раҳбари дастлаб Исроилнинг Тел-Авив шаҳрига борган. У “Бен Гурион” аэропортида Исроил расмийлари томонидан илиқ кутиб олинган.
“Мен ғурур билан айтишим мумкинки, АҚШнинг Исроил билан муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ва кучлироқ”, — деган президент.
АҚШ раҳбари ўз нутқида Исроил-Фаластин можаросини икки томонлама ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлаб ўтган.
Байден икки кун давомида Қуддусда бўлиб, Исроил етакчилари, жумладан Лапид ва собиқ Бош вазир Бенямин Нетаняху билан музокаралар олиб боради. Жума куни босиб олинган Ғарбий Соҳилда Фаластин маъмурияти (ПА) раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашади.


