UFCнинг собиқ икки карра чемпиони, ирландиялик машҳур жангчи Конор Макгрегор 18 ой муддатга мусобақалардан четлатилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 37 ёшли спортчи 2024 йил давомида уч марта ўз жойлашуви ҳақида маълумот тақдим этмаган. Шу сабабли, допинг назоратчилари ундан биологик намуна олиш имконига эга бўлмаган. Антидопинг қоидаларига кўра, бундай ҳолат қоидабузарлик сифатида баҳоланади.
Таъкидланишича, UFC спортчилари ҳар доим ўз аниқ жойлашувлари ҳақида маълумот бериб туришлари шарт. Бу уларни ҳар қандай вақтда, олдиндан огоҳлантиришсиз текшириш имконини беради.
Кейинчалик Макгрегор ташкилот билан тўлиқ ҳамкорлик қилган ва қоидабузарликни тан олган. Шунингдек, у ушбу даврда жароҳатдан тикланиш билан банд бўлган ва жангларга тайёргарлик кўрмаган. Шу боис, одатдаги икки йиллик дисквалификация муддати 18 ойгача қисқартирилган.
Натижада Конор Макгрегор 2026 йил 20 мартдан кейин октагонга қайтиш ҳуқуқига эга бўлади.


