Наманган вилоятида бир фуқарони ижтимоий тармоқдаги видеолар орқали шантаж қилган эркак ички ишлар органлари томонидан қўлга олинди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Аниқланишича, Косонсой туманида яшовчи эркак ўзига тегишли телефон орқали бегона аёлнинг раққосалик қилиб тушаётган видеотасвирларини Instagram тармоғида турлича талқинда жойлаштирган. Аёл мазкур ҳолатдан норози бўлиб, тасвирларни ўчиришни сўраганида, эркак ундан 350 минг сўм пул талаб қилган ва банк картаси рақамини юборган.
Бироқ аёл пулни ўтказганидан сўнг ҳам эркак ваъдасини бажармай, видеоларни тармоқдан ўчирмаган, балки профил номини ўзгартириб, яна ўша тасвирларни қайта жойлаштирган. Аёл иккинчи марта ҳам пул ўтказишга мажбур бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича аёлнинг турмуш ўртоғи ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Тезкор чора кўрилиб, шантаж йўли билан пул ундиришга уринган шахс қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


