Ўзбекистонда илк марта аҳолидан электр энергияси сотиб олина бошланди
Ушбу станция орқали йилига 7 000 дан 10 000 кВт.соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Раҳимжон Расулов хонадонида 6 кВт. қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлади. Шунингдек, мазкур хонадон эгаси ва Энергетика вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида "Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланди.
Бу хонадонда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади.
Шартнома умумий ўрнатилган қуввати 1 МВт.гача (ўзгарувчан ток ) бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари объектларидан, (микро ва кичик гидроэлектр станциялардан ташқари) электр энериясини харид қилишга тааллуқлидир.
Маълумот ўрнида: амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилади.
Маълумот учун: Шахсий қуёш фотоэлектр станцияларини (1 МВт.гача) ўрнатиш истагида бўлган фуқаролар станцияларини ягона энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланишлари ҳамда ўз эҳтиёжидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига юқоридаги қарорларга асосан шартнома асосида сотиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сурхондарёда электр станциялар қурилиши ва Навоийда қуёш станцияси ишга туширилиши 80 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имконини беришии ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова тайёрлади







