Унга кўра, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш бўйича жамғарма ташкил этилади. Марказ директори эса шу жамғарма маблағларини тасарруф этади.
Қонунда айтилишича, жамғармага маблағ қуйидагилардан молиялаштирилади:
- давлат бюджети;
- хорижий молия институтлари ва донорларининг кўмаклари ва грантлари;
- ҳомийлик хайриялари;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Маълум бўлишича, жамғарма маблағи илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асарлар ва ҳужжатларни харид қилиш орқали марказ китоб фондини кенгайтириш учун сарфланади. Бундан ташқари, маблағ илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш, илмий-маърифий тадбирлар ташкил этиш соҳаларига ҳам йўналтирилади. Шунингдек, марказ ўзи учун кадрлар тайёрлаш, фаолият учун зарур бўлган мультимедиа қурилмалари ва дастурий таъминотлар харид қилиш учун ҳам жамғарма маблағларидан фойдаланади.
Таъкидланишича, марказ ҳузурида Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича лаборатория ташкил этилади. Унга зарур бўлган моддий-техник асбобларни харид қилиш ва мутахассислар учун иш ҳақи ҳам жамғарма ҳисобидан молиялаштирилади. Ўз ўрнида, лаборатория томонидан ўтказилган тадқиқот синовларини реализация қилишдан тушган маблағ марказ ва лаборатория фаолиятини ривожлантиришга сарфланади.


