Покистон Миллий табиий офатларга қарши кураш бошқармасининг расмий баёнотига кўра, июн ойининг охирида бошланган муссон ёмғирлари оқибатида 660 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 929 киши турли даражада жароҳат олган.
Қайд этилишича, табиий офат оқибатида қарийб 2,500 та бино буткул вайрон бўлган, 30 мингдан ортиқ фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилган. Чорвачилик ва деҳқончиликка сезиларли даражада зарар етган.
Маълумотларга кўра, энг кўп қурбонлар мамлакат шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва провинциясида қайд этилган. Ушбу ҳудудда 392 киши ҳалок бўлган.
Покистон ҳукумати ва фавқулодда хизматлари томонидан қутқарув ва ёрдам ишлари давом эттирилмоқда. Аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш, вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш ва офат оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


