Манбаларнинг хабар беришича, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров Грозний шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Kavkaz.Realii нашри ва masa.media ахборот манбалари маълум қилди.
Нашр манбаларига кўра, Адам Қодиров Грознийдаги янги республика шифохонасига олиб келинган бўлиб, унинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда. Хабарларда тиббиёт муассасасига олиб борувчи йўллар вақтинча ёпилгани айтилади.
Чеченистон мухолифатидаги НИЙСО ҳаракати маълумотига кўра, Адам Қодиров кортежи юқори тезликда ҳаракатланаётган вақтида тўсатдан тўсиққа дуч келган. Натижада кортеж таркибидаги автомобиллар бир-бири билан тўқнашган. Ҳаракат вакиллари ҳодиса оқибатида бошқа жабрланганлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмаяпти.
Авария ортидан Грозний шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракат чекланган, шунингдек, республика шифохонаси ҳудуди ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Расмий идоралар томонидан ҳодиса юзасидан ҳозирча батафсил маълумот берилмаган.
Маълумот ўрнида, Адам Қодиров — Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли бўлиб, у республика бошқарувида бир қатор юқори лавозимларни эгаллаб келаётгани айтилади. Жумладан, у Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби ва республика Ички ишлар вазирлиги билан боғлиқ раҳбарлик вазифаларида тилга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан расмий манбалар томонидан тасдиқланган ахборотлар кутилмоқда.
