Россия Меҳнат вазирлиги 2025 йилда Ҳиндистондан 1 миллион мигрант Россияга ишлаш учун келади, деган хабарни инкор этди. Вазирлик RIA RBK'га берган изоҳида айтишича, виза режими амал қиладиган мамлакатлардан ишчилар фақат аввалдан тасдиқланган квоталар асосида жалб этилади. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Россияга хорижий фуқароларни ишга жалб этиш учун жами квота 234,9 минг нафарни ташкил этади. Ҳиндистон фуқаролари учун эса бу кўрсаткич атиги 71 817 кишидан иборат. Бу рақамлар “1 миллион ҳиндистонлик мигрант” ҳақидаги даъволарни инкор этади.
Аввалроқ Урал савдо-саноат палатаси раҳбари Андрей Беседин “ҳиндистонлик ҳамкорлари”дан олинган маълумотларга асосланиб, йил охиригача Ҳиндистондан 1 миллион мутахассис Россияга, хусусан, Свердловск вилоятига келишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Екатеринбургда Ҳиндистоннинг янги Бош консулхонаси очилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Беседин хорижлик ишчи кучини жалб қилиш бўйича ишлар Шри-Ланка ва Шимолий Корея билан ҳам олиб борилаётганини қўшимча қилган. Бироқ ҳозирча бу борадаги расмий маълумотлар тасдиқланмаган.


