Россияда чўчқа гриппи авж олмоқда
Мазкур инфекция сабаб 2009 йилда 12,1 минг киши вафот этган.

Россияда чўчқа гриппи эпидемияси авж олмоқда. Бу ҳақда мамлакат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозиргача ушбу вирус давлатнинг 55 та маъмурий ҳудудида рўйхатга олинган. Хасталикнинг аниқланаётган мутациялари орасида А (H1N1), A (H3N2) ва B штаммлари устуворлик қиляпти.
Мутахассисларга кўра, бу касалликни анъанавий грипп турларидан аломатлари орқали фарқлаш қийин. Чунки юқори тана ҳарорати, томоқ, бош ва мушаклардаги оғриқлар, йўтал, ҳолсизлик, безовталик каби симптомлар ҳар иккисига хос. Шу боис аниқ ташхис қўйиш учун махсус ПЗР тестлари талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда жаҳон бўйича оммавий чўчқа гриппи эпидемияси кузатилган эди. Ўшанда бир йил давомида 60,8 миллион нафарга яқин одам ушбу хасталик билан касалланган. Ачинарлиси, беморлардан 12,4 минг нафари инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган.








