Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси қурилиш майдонида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Ҳодиса 16 сентябрь куни Россия Олий суди биноси қурилишида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ишчи 15 метр баландликдаги искала устида ишлаётганда мувозанатини йўқотиб йиқилиб тушган. Шифокорлар етиб келгунига қадар у олган оғир тан жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Шимоли-ғарбий вилоятлараро меҳнат инспекцияси хабарда айтилишича, марҳумнинг иш берувчи ташкилоти билан расмий меҳнат шартномаси мавжуд бўлмаган. Текширув давомида, шунингдек, меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаганлиги эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Меҳнат инспекцияси раҳбариятининг қайд этишича, бахтсиз ҳодисага асосий сабаб сифатида шахсий ҳимоя воситаларининг етишмаслиги, баландликда ишларни ташкил этишдаги камчиликлар ва жамоавий хавфсизлик чораларининг сустлиги кўрсатилмоқда.
Ҳодиса юзасидан махсус суриштирув ўтказилмоқда.


