Қашқадарё вилояти Косон туманида рўй берган фожиа бўйича суд жараёни якунланди. 20-июн куни юз берган ҳодисада 2 ёшли қизалоқ автомобиль ичида қолиб кетиб, ҳаётдан кўз юмган эди.
Тергув ҳужжатларига кўра, нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари ўша куни бир нечта болани ўз автомобилида боғчага олиб келган. Эътиборсизлик оқибатида 2 ёшли қизалоқ машинала эшиклари ёпиқ ҳолда қолдирилган ва бир неча соат давомида нафас ола олмай вафот этган.
Суд жараёнида айбланувчи ўз айбини тан олди. Қизалоқнинг онаси эса суд мажлисида раҳбарнинг бепарволигини кескин қоралаб, унга қонуний жазо қўллашни талаб қилди.
Суд ҳукмига мувофиқ, Л.Ҳ Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (“Касб юзасидан ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиш”) бўйича айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиб, манзил-колонияда жазо ўташи белгиланди.


