Жорий йилда Марказий Россияда фаолият юритаётган мактабларда мигрант болалар сони кескин камайган. Бунга сабаб сифатида уларнинг рус тили бўйича мажбурий имтиҳондан ўта олмагани кўрсатиляпти. Апрель ойидан бошлаб 1-синфга кирувчи болалар луғат ва грамматика, юқори синф ўқувчилари эса саводхонлик даражаси бўйича синовдан ўтказилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Калуга вилояти мактабларига 250 нафар хорижлик бола қабул қилинган бўлса, бу йил атиги 36 нафар бола имтиҳондан муваффақиятли ўтган. Таққослаш учун, бу 2024 йилга нисбатан деярли 10 баробарга камдир.
Худди шундай вазият Воронеж вилоятида ҳам кузатилмоқда. Бу йил рус тили имтиҳонидан ўтган 16 нафар мигрант боланинг ярми – атиги 8 нафари мактабларга қабул қилинган. Ўтган йил эса бу вилоятда 200 нафарга яқин хорижлик ўқувчи таълим муассасаларида ўқишни бошлаган эди.
Июнь ойидаги умумий статистикага кўра, мигрант болаларнинг атиги 7 фоизи рус тили имтиҳонидан муваффақиятли ўта олган. Мутахассислар фикрича, бу талаб келажакда мигрантлар учун Россияда таълим олиш имкониятларини янада чеклаб қўйиши мумкин.


