Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри атрофида жойлашган Лисий Нос қишлоғи ҳудудидан пичоқ билан жароҳатланган Ўзбекистон фуқароси топилди. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари хабарича, воқеа 15-август куни эрталаб Финляндия кўрфази қирғоғида содир бўлган.
28 ёшли эркакнинг бошига қоп кийдирилган бўлиб, танасида бир неча пичоқ жароҳатлари аниқланган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, у бир кун аввал Сестрорецк шаҳрида номаълум шахслар томонидан мажбуран машинага ўтқазилган, сўнг калтакланиб ва пичоқланиб ўрмонзор ҳудудига ташлаб кетилган.
Ҳозирда жабрланувчи тиббий муассасага жойлаштирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари воқеа бўйича тергов-суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.


