Сиздан угина, биздан бугина: Толиблар Россиядан майиз эвазига нефть сўраяпти
Афғонистон Москва билан бартер савдосини йўлга қўймоқчи.

Афғонистондан майиз, фойдали қазилмалар ва доривор ўтлар эвазига Россиядан нефть маҳсулотлари сотиб олмоқчи. Бу ҳақда мамлакат савдо вазири Нуриддин Азизий “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
“Бизнинг режаларимизда Россия товарларини бартер эвазига импорт қилиш. Агар бу амалга ошмаса, молиявий транзакциялар орқали савдо қилишга тайёрмиз. Бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқ — хомашё сотиб олиш учун ЕИ ёки АҚШ Афғонистонга ҳеч қандай чеклов қўймаган, биз товарлар учун пул тўлашимиз мумкин”, – деган вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Кобул йил охирига қадар Москвадан 1 миллион тонна бензин ва 1 миллион тонна дизель ёқилғисини сотиб олиш истагида.
Нефть маҳсулотлари эвазига Афғонистон фойдали қазилмалар таклиф қилиши мумкин.
“Бундан ташқари, бизда қуруқ мевалар ва доривор ўтлар бор. Афғонистон тарихан Россияга катта ҳажмда майиз етказиб берган. Биз юзлаб тонна шу турдаги маҳсулотлар экспорт қилишимиз мумкин. Ҳозирда доривор ўтлар нархи жуда баланд. Россия эса шу турдаги хомашёга муҳтож”, – деб қайд этган Азизий.
Аввалроқ Россия ТИВ Афғонистондан Марказий Осиёга наркотиклар кириб келиши кўпайгани тўғрисида маълумот берганди.







