1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Судланганлик “тамғаси” қачон олиб ташланади? Мутахассис жавоби

САВОЛ: 2003 йилда туғилган ўғлим 21.01.2020 йил ЖК 169-модда 2-қисм “г” банди билан судланган. Суд жиноий жарима белгилаган. Биз жаримани ўша заҳоти тўлаганмиз. Шундан сўнг “судланган” сўзи олиб ташланганми? Бу жазо қачон ва қай тарзда ечилади?

Судланганлик “тамғаси” қачон олиб ташланади? Мутахассис жавоби

 

ЖАВОБ.

Амалиётчи юрист Саидали Мухторалиевнинг таъкидлашича, ҳақиқатдан ҳам, шахсларга нисбатан судланганлик ёки судланмаганлик ҳолати қўлланилади. Судланган шахсларга нисбатан айрим қонунчилик ҳужжатларида баъзи бир таъқиқ ва чекловлар ўрнатилган.

 

“Шу жиҳатдан бу жиддий масала ҳисобланади”, — дейди мутахассис.

 

Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Шунингдек, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Жиноят Кодекси. 77-модда.

 

Амалиётчи юрист Мухторалиевнинг фикрига кўра, юқорида берилган саволга судланганлик муддатининг ўтиб кетиши ва судланганлик ҳолатининг бекор бўлиши тушунчалари тўғри келади.

 

Шунингдек, мутахассис ЖК 78-моддасини мисол қилиб келтирар экан, мазкур моддада шахснинг судланганлик ҳолати қайси пайтларда тугалланиши ҳақида айтилганлигини таъкидлайди:

а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

 

“Сиз айтган вазиятда ЖК 78-моддасининг В-бандига кўра, ўғлингизга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бўйича белгиланган жарима суммаси давлатга тўланган кундан бошлаб, 1 йил ўтгач, унинг судланганлик ҳолати бекор бўлади”, — дейди Саидали Мухторалиев.

 

Яъни, мутахассиснинг айтишича, жиноий жарима 2020 йил январь-феврал ойларида тўланган бўлса, демак, мурожаатчининг “судланганлик” ҳолати шу йил бошида (2021 йилнинг январь-феврал ойларида) тугаб бўлган. Шунга кўра, у айни вақтда судланмаган мақомида бўлиб турибди.

 

Аввалроқ тушунтириш хатида нима деб ёзиш ходимнинг ихтиёрига боғлиқлиги ҳамда йўлдан топиб олган нарсангизни эгасига қайтарилмаса маъмурий жазога тортилиш эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берилганди.

 

Оламгир Абдиев

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика